пятница, 26 марта 2010 г.

Толиби содиқ топилмас...

Агарда балолар, синовлар бўлмаганда, одамларнинг ҳаммалари зоҳид бўлар эди...”

Абдуқодир Жилоний

Навоийнинг мазкур жумласини қайта-қайта эслайман. Унинг талқини хусусида биринчи марта Олий Аттестация комиссиясига ҳимоя учун ҳужжатларни топшираётган вақтимда ҳазил тарзида эслагандим.

Ўшанда қанча расмиятчиликлардан ўтиб, ишим кенгашга қабул қилингач, имтиҳонлар муддати хусусидаги қоида ўзгарганлиги ва унга кўра мен бир имтиҳонни қайта топширишим кераклиги маълум бўлганди. Аксига олиб, бу сессиянинг охирги куни маълум бўлган. Мен сессиядан ташқари имтиҳон топшириш учун ОАКдан алоҳида рухсат олишим керак эди. Аввал хат тайёрла, проректорга қўл қўйдир, кейин уни ОАКка топшир, 3 кун жавобини кут, кейин бориб хатни олиб кел. Кейин имтиҳон топшир ва натижаларини ОАКка элтиб бер. Буларни ҳимоя иштиёқида оғринмай бажарганман.

Мазкур тўсиқдан ошиб, ОАКдан ҳимоя учун рухсат сўралганда, бошқа бир имтиҳонимни расмийлаштиришда мутасаддилар техник хатога йўл қўйишгани сабаб, ОАК ҳужжатлармни қайтарган. Мен у мутассадиларнинг ҳузурига икки ҳафта бесамар қатнаганман. Улар нимагадир ўзлари йўл қўйган техник хато учун жавобгарликни бўйнига олиб, тушунтириш хати қилиб беришни исташмаган.

Охир оқибат мутасаддилардан ҳам мутасаддироқлар ҳузурида масалани баён этишимга тўғри келган. Яхшики, бир неча мутасаддиларга мутасадди бўлганлар вазиятга тўғри баҳо бериб, хато техник характерда эканлиги учун имтиҳонимни ҳисобга олдилар. Мен ўзимда йўқ бахтиёр бўлиб, ҳужжатларни тайёр қилиб, ОАКка бордим.

Мен бу югур-югурлар билан овора бўлган вақтим, яна янги қоида чиқиб, энди дипломларнинг нусхаси ҳам топшириладиган ҳужжатлар рўйхатидан жой олибди. Ўшанда кулиб, “толиби содиқ топилмас...” деганларидай, ростан ҳам ҳимоя қилмоқчиманми, йўқми атайлаб, “қани, сабри қнчалик экан, иштиёқи қанчалик экан”, деб синашаётганга ўхшайди, деб ўйлагандим.

Инсоннинг ҳаётида қийинчилик кетидан қийинчилик келган вазият кўп бўлади. Энди буни енгдим, деганда, йўлдан бошқаси бўй кўрсатиб чиқиб келади. Энди барқарорлик топдим, деганда бу барқарорлик жуда осон беқарорликка айланади ва яна таҳлика ҳис қилиши ва яна курашишига тўғри келади. Баъзан чарчардим, баъзан тушкунликка тушардим, қаттиқ сиқилардим. Аммо сиқилишнинг маълум чегараси бор, ўшанга етгач, одам ундан у ёғига ўта олмайди. Сабаби, у ёғи жаҳаннам...

Демак, қийинчиликлар туфайли сиқилиш жаҳаннамга олиб борар экан, сиқилиш керак эмас. Қийинчиликларга сиқилиш керак эмас экан, демак бизга берилаётган қийинчиликларнинг ўз вазифаси бор – ҳамма билган ўша ҳақиқат: сабоқ ва синов. Ҳаёт сабоқ ва синов экан, биз ҳаммамиз толибмиз... аммо қанчалик содиқмиз?.. Бизнинг иштиёқимиз бу сабоқни аъло даражада ўзлаштиришимизга, синовдан намунали ўтишимизга етадими?..


вторник, 23 марта 2010 г.

Бахт ва орзулар ҳақида

Инсоннинг улғайиши оила, мактаб, жамият таъсири остида кечади. Мен орзулар ва бахт ҳақидаги мулоҳазаларим билан ўртоқлашмоқчиман.
 Мактабда “Ким бўлсам экан?”, “Келажакдаги орзуларим” каби мавзуларда кўп фикр юритганмиз. Ундан ташқари, охирида “мурод-мақсадига етибди” деб тугалланадиган эртакларни кўп ўқиганмиз ҳамда охирида висолга етадиган севишганлар ҳақидаги қадимий ва замонавий ишқий саргузаштларни ҳикоя қиладиган фильмларни кўп томоша қилганмиз. Истаймизми, йўқми, ўзимиз сезмаган ҳолда, бахт қаердадир олисда, унгача машаққатлар чекиб етиб бориш керак, деган ҳалокатли тасаввур онгимизни бошқарган. Натижада биз ўзимизга қадрли бўлган нарсаларни тўғри баҳолай олмаганмиз.
Орзу қилиш хусусидаги ҳадислар билан танишганимда бу ҳақиқатни қабул қилишим анча қийин кечган. Эҳтимол, уни англашимга йиллар кетгандир... Чунки орзуларнинг муқаддаслиги ҳақида мактаб даврида шакллантирилган қатъий ёндашув бунга тўсқинлик қилган. 
“Мен эртага бугундан кўра яхшироқ ҳаракат қиламан”, “эртага бугундан кўра бахтлироқ бўламан” деган орзуларим бугунларимни бирма-бир қурбон қилаётганини мен сезмадим. Ваҳоланки, эртанинг бўлиш-бўлмаслиги номаълум. Бизда фақат бугун бор. Ягона ва қайтарилмайдиган бугун. Мана шу бугунда мен бахтимни ҳис қилишим, англашим ва уни қадрлашим керак. Ҳис қилишим кайфиятимни кўтаради, англашим билимимни оширади, қадрлашим ҳаракатга ундайди. Демак, мен ҳаётга тўлиб яшайман.
Инсон, одатда, бирор нарсани йўқотмагунча, унинг қанчалик қадрли эканини билмайди. Шунчаки, тасаввур қилиб кўриш керак, бугун бор бўлган қанча нарсанинг йўқ бўлиб қолишини. Шундагина бахтимизнинг рангларини тиниқроқ кўра бошлаймиз.
Ҳаётимдан ёрқин мисол келтираман. Бир неча йиллар давомида “Орзуларга етсам, бахтли бўламан” деган қараш билан яшаганман. Охир-оқибат нима бўлди? Қадрланмаган қадрдонимнинг қадри ўтди... Мен олисдаги “бахтим”га кўз тикиб, ёнимдаги укамнинг дийдорини бой бердим... Уни йўқотгунимча, унинг борлиги менинг қанчалик бахтим бўлганини англамадим... Ваҳоланки, ҳозир ўша олисдаги “бахтлар”қанча кўп бўлмасин, қанчалик зўр бўлмасин, уларни иккиланмасдан укамнинг дийдори учун қурбон қилардим. 
Хулоса ўрнида айтмоқчиман, қачонлардир менинг шундай бахтим бўлган, мен уни пайқамаганман. Демак, бугун ҳам худди шу даражада тенгсиз бошқа бахтим бор. Уни бой бермаслик учун бугун кечагидан ҳушёрроқ бўлишим керак. 


Cўзбоши

Инсон қаерда бўлмасин, ҳамиша ўз эҳтиёжининг ёнидадир.
Румий


Ёзишга эҳтиёж бор. Фикрлар билан ўртоқлашишга, иккиланишлар, кечинмаларни баҳам кўришга ва бошқаларнинг тажрибаларини тинглашга, уларнинг мулоҳазалари билан танишишга эҳтиёж бор. Мулоҳазалар жуда муҳим, жуда керакли. Бизни мақсад сари етаклайдиган, мақсадимизни белгилаб берадиган, ўзимизни англашдаги энг яқин ёрдамчимиз улар. 
Ўсмирлик вақтида ўртоқлашишни истаган фикрларим кенг қамровли, ҳали бир ўзанга тушмаган дарё каби эди. Ҳозир эса, алҳамдулиллаҳки, маълум йўналишини топган. 
Инсоннинг онгини унинг таассублари бошқариши психологик тажрибаларда ўз исботини топган. Шундай экан, мулоҳазалар “ишонганларим ишончга лойиқми”, деган мавзуга оид эмас. Дилимда ишонч бор эканми, демак, лойиқ. Бу оддий аксиома.